Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 16/05/2025 “Фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро конференция ўтказилди

“Фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро конференция ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Оила жамиятнинг муҳим бўғини. Юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар оила қадриятини мустаҳкамлаш, мавжуд 10 миллиондан ортиқ оилалар, шунингдек, келгусида қурилажак ёш оилаларнинг тотув ва ҳамжиҳат яшашини таъминлашга қаратилган.

Бутун дунёда БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20-сентябрдаги резолюциясига мувофиқ, 15-май – Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда жорий йилнинг 10 майидан 10 июнига қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда.

Мазкур  тадбир доирасида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. 

Конференциянинг асосий мақсади оила институтини мустаҳкамлаш, масъулиятли ота-оналикни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, рақамли технологиялар таъсирида оилавий муносабатларни барқарорлаштириш ҳамда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантириш бўйича илмий, услубий ва амалий ёндашувларни муҳокама қилишдан иборат.

Конференция иштирокчилари "Яшил оила" модели: хорижий тажриба ва миллий ёндашувлар”, “Оилалар фаровонлиги ва камбағалликни қисқартириш – демографик барқарорлик ҳамда ижтимоий тараққиёт мезони сифатида",  “Масъулиятли ота-оналик маданиятини шакллантириш механизмлари”,  "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёргарлик даражасини оширишнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий ечимлари” ҳамда  “Оилада гендер тенглигини таъминлаш – барқарор ривожланиш кафолати” каби  5 та шўъба йиғилишларида  ўзаро фикр алмашдилар.

Конференцияда 20 га яқин хорижий экспертлар, 80 дан ортиқ оила соҳаcида фаолият юритаётган олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари  иштироки кўзда тутилган. Шунингдек, 30 нафар миллий ва 12 нафар хорижий ва халқаро ташкилотларнинг эксперт, мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан қатнашади.

Конференция доирасида хорижлик, маҳаллий эксперт, олим ва соҳа мутахассисларининг мақолалари жамланди ҳамда тўплам шакллантирилди.

Маълумот учун: Қўмита буюртмасига мувофиқ Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Масъулиятли ота-оналик” мезонлари ва уни тадбиқ этиш бўйича 20 дан ортиқ турда тарғибот материаллари, қўлланмалар ишлаб чиқилди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича 2025 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Оилавий низоларни судгача ҳал қилиш бўйича 23 та илғор хорижий мамлакатлар тажрибалари ўрганилди ҳамда маҳаллада оилавий медиацияни жорий этишни услубий қўллаб-қувватлаш мақсадида методик тавсиялар ишлаб чиқилди.  “Фаровон оила – келажак пойдевори” мавзусида 2 та инновацион ва 10 та амалий лойиҳалар амалга оширилди, “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” веб-платформаси, "Менинг оилам" мобил иловаси, эрта турмуш ва эрта туғруқ қайд этилган ҳудудлардаги ўзгаришларни электрон тарзда кузатув харитаси ва мультимедиа маҳсулотлари яратилди;

- 5 та йўналишда 500 га яқин маънавий қадриятлар ҳақида хабар берувчи “Оилавий қадриятлар мажмуаси”га дунё мамлакатларидаги оилавий қадриятлар таҳлили, инфографикалар ва фойдали ресурслар жойлаштирилди;

"Оила ўқув платформа"си – https://oilamalaka.uz сайти ишга туширилди. Унга оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мавзуларда 20 га яқин маъруза матни, презентация, тарқатма материал, 12 та видеодарслар жойлаштирилди.

Анжуман якунлари бўйича, конференция иштирокчиларининг таклиф ва тавсиялари асосида расмий резолюция қабул қилиниши режалаштирилган. Мазкур резолюция оила институтини янада мустаҳкамлаш, соғлом ва барқарор оила муҳитини яратиш, ҳамда ҳар бир фуқаронинг оилавий ҳаётида ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий барқарорликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини шакллантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг