Валюта курслари 11/03/2026
$1 – 12158.13
UZS – -0.27%
€1 – 14166.65
UZS – 0.39%
₽1 – 153.98
UZS – -0.14%
Қидириш
Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш рағбатлантирилади

Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш рағбатлантирилади

Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш рағбатлантирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йилда фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан: ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 трлн сўмга етказиш, қиймати 1 млрд АҚШ доллари бўлган истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, 800 млн АҚШ долларлик янги инвестиция лойиҳаларини бошлаш.

Фармонга кўра, оригинал дори воситаларининг патент муддати тугагандан сўнг 1 йил ичида: ушбу дориларнинг ишлаб чиқарувчиларига технологиялар трансфери харажатларининг 50 фоизи, бироқ 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми, ёки маҳсулотни яратишдаги илмий тадқиқот харажатларининг 50 фоизи, бироқ 100 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.

2027 йил 1 январдан “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатига эга бўлган корхоналарга уларнинг ишлаб чиқариш линияларида сертификат амал қилиш муддатида биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқаришга рухсат берилади.

2026 йил 1 июндан фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича БҲМнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, қарздорлик ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолатларда эса қарздорлик шаклланган кундан бошлаб 10 кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2028 йил 1 январдан бошлаб: биологик фаол қўшимчаларга рухсатнома беришда Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари (HAACP) тизими жорий этилганлиги талаб этилади, биологик фаол қўшимчалар мажбурий рақамли маркировкалашдан ўтказилади.

Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ва “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти (Институт) ташкил этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг