Фармацевтика фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди
Фармацевтика фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, юқори талабга эга бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллийлаштириш, янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги тартибда буюртма асосида ишлаб чиқариладиган дори воситаларига рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг айнан буюртмани бажарувчи ташкилотга берилиши технологиялар трансферини чекламоқда. Қонун лойиҳасида мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида “технологиялар трансфери” тушунчаси киритилмоқда. Яъни, дори воситаларини ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш технологик жараёнларини бир фармацевтика ташкилотидан бошқа фармацевтика ташкилотининг ишлаб чиқариш майдонига кўчириш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада ҳужайра технологияси асосида ишлаб чиқарилган биотехнология воситаларини дори воситалари сифатида эътироф этиш ва соғлиқни сақлаш амалиётида қўллашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутиляпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, ундаги қатор нормалар юзасидан қонун ташаббускорларига саволлар бердилар, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Мутасаддилар томонидан саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий фармацевтика корхоналари қувватини ошириш, соҳага замонавий технологиялар трансферини жорий этиш, соғлиқни сақлаш амалиётида ҳужайра технологиялари асосидаги биотехнология воситаларини қўллаш учун ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек, тиббий жиҳозлар импорти ва экспортини кенгайтириш имконини беради.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.