Ўзбекистон ва Хитой фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур Автоном районида жойлашган "Xinjiang Tefeng Pharmaceutical Co., Ltd." компанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда компания раҳбарияти "Xinjiang Tefeng Pharmaceutical Co., Ltd." фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва асосий маҳсулот турлари ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, компания табиий ва сунъий доривор воситалар ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга бўлиб, маҳаллий ҳамда халқаро бозорларда ўз ўрнига эга.
Агентлик директори мамлакатимиз фармацевтика бозорининг улкан салоҳияти, доривор ўсимликлар ресурслари ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнлари учун яратилган шарт-шароитлар хусусида ахборот берди. Шунингдек, "Tashkent Pharma Park" фармацевтика кластери имкониятлар ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун таклифлар билдирди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув якунида истиқболли ташаббуслар бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.