Фарғонада қиймати 350 миллион долларлик учта йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилди
Фарғонада қиймати 350 миллион долларлик учта йирик инвестиция лойиҳа
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада 350 млн долларлик учта йирик инвестицион лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, хитойлик инвесторлар, компаниялар раҳбарлари, тадбиркорлар, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб, Ўзбекистон–Хитой стратегик шерикчилиги изчил ривожланиб, икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро ишонч, дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида мустаҳкамланаётганига эътибор қаратди. Хитой Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритаётган, савдо-иқтисодий ҳамкор давлат эканлиги, бу эса ҳудудлараро алоқаларни янада фаоллашишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
- Бугун вилоятимизда амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари бунинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу тарихий тадбир “Бир камар, бир йўл” ташаббусини биргаликда амалга оширишда, иқтисодий ва савдо муносабатларини чуқурлаштиришда яна бир муҳим қадам ҳисобланади, - деди вилоят раҳбари.
Қурилиши бошланаётган учта йирик лойиҳа – Евроосиё халқаро савдо маркази, Hilton DoubleTree меҳмонхонаси ва Фошан ишлаб чиқариш саноат парки — Фарғона вилоятининг саноат салоҳияти, логистика имкониятлари ва туризм инфратузилмасини янги поғонага кўтаради. Бу лойиҳалар хитойлик инвесторлар билан олиб борилган мулоқотлар ва келишувларнинг амалий натижасидир.
Фарғона вилоятида хитой капитали иштирокида 273 та корхоналар фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, яна янги 100 га яқин истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширилиши режалаштирилаётгани, бу бўйича дастлабки қадамлар ташлангани билдирилди.
Хитойлик инвесторлар томонидан “Hengtai” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, рўйхатдан ўтказилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 350 миллион доллар бўлиб, Фарғона шаҳрида 40 гектар майдонда илғор тажрибалар асосида саноат зонаси, Марғилондаги Бурҳониддин Марғиноний илмий туризм марказида беш юлдузли меҳмонхона ва Фарғона туманида 32 гектар майдонда савдо ва логистика маркази барпо этилади. 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Вилоят ҳокими янги лойиҳалар вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини эътироф этиб, улар ўзаро манфаатли, самарадор ва муваффақиятли бўлишига ишонч билдирди. Ташаббус учун хитойлик ҳамкорларга миннатдорлигини айтиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан “Hengtai” корхонаси таъсисчиси Чен Мингбо ва Хитой туризм палатаси раиси Цзи Сяодун, Ўзбекистон-Хитой корхоналари савдо палатаси вице-президенти Лиу Жингмин ва "Hilton Worldwide" компанияси вакили Алексей Шаталов Ўзбекистонда инвесторлар учун катта имкониятлар яратилаётганини, ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон Буюк ипак йўлидаги стратегик ҳудуд эканлиги, хусусан, Фарғона вилояти Евроосиё минтақаси учун муҳим логистика марказига айланиши қайд этилди.
Тантанали маросимда “Hengtai” ва "Hilton Worldwide" компаниялари ўртасида лойиҳа бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг лойиҳаларнинг қурилишига киришилиб, тамал тоши қўйилди.
Нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, юртга тинчлик-осойишталик, бошланган ишларга хайру баракалар тиладилар.