Фарғонада Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми ўтказилди
Фарғонада Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29–31 март кунлари Фарғона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжон олимлари, экспертлари, парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари етакчилари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова ўз чиқишида мазкур Форум халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганига эътибор қаратди.
Тадбир доирасида вилоятнинг Ўзбекистон туманида жойлашган “Дўстлик стеласи” пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Форум иштирокчилари Фарғона давлат университетида “Дўстлик стеласи – қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзусида илмий-амалий конференцияда ҳам қатнашди.
Тадбир доирасида илм-фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни янада кучайтириш ҳамда стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар мазкур анжуман минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.