Фарғона вилояти ва Хитойнинг Қашғар шаҳри ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Қашғар шаҳри ҳокими Вели Асим бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, саноат, туризм ва кўплаб соҳаларда кенг кўламли ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани, мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги алоқалар изчил ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.
Бугунги учрашув ҳам яратилаётган шароит ва имкониятлар самараси эканлиги, сўнгги йилларда Фарғона вилояти ва Қашғар шаҳри ўртасида алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлиги таъкидланди.
Қашғар шаҳри ҳокими Вели Асим Фарғона вилояти инвестиция киритиш учун қулай ҳудуд эканлигини, бу ердаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар хитойлик инвесторларнинг ўз бизнесини бошлашга асос бўлаётганлигидан хабардор эканлигини маълум қилиб, қатор соҳалар бўйича ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдирди. Шунингдек, фарғоналик тадбиркорларнинг ҳам Қашғарда ўз бизнесини йўлга қўйишларида керакли кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Самимий мулоқотда Фарғона вилояти билан Қашғар шаҳри ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришга келишиб олинди.
Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов иштирок этди.