Фарғона вилояти ва KICC “Яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини муҳокама қилишди
Фарғона вилояти ва KICC “Яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Корея Республикасининг “KICC” (Korea Institute of Climate Change)компанияси президенти Ёнг Вон Шин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Учрашувда “яшил иқтисодиёт” йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан иссиқлик манбаи ва электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган генерация станциясини барпо этиш лойиҳаси юзасидан маълумот берилди.
KICC — Жанубий Кореяда фаолият юритувчи халқаро илмий-тадқиқот ва консалтинг ташкилоти бўлиб, у асосан иқлим ўзгариши, энергия самарадорлиги ҳамда барқарор ривожланиш йўналишларида фаолият олиб боради. Ташкилот давлатлар билан ҳамкорликда экологик муаммоларни ҳал этиш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ҳамда турли халқаро лойиҳаларни амалга оширишга ихтисослашган.
Мулоқотда компаниянинг халқаро тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими истиқболли лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, ишлар аниқ режа асосида самарали ташкил этилиши зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича келишиб олинди.