Фарғона вилояти Швеция билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов бошчилигидаги делегация Швециянинг Эстергётланд вилояти Кенгаши раиси Нилс Бабтис билан учрашди.
Дўстона ва самимий мулоқотда икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, янги ғоялар ва ташаббусларни амалга ошириш борасида фикр алмашилди.
Хуршиджон Аҳмедов вилоятимизда барча йўналишларда — туризм, маданият, таълим, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, инвестиция, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ҳунармандчилик ва савдо-саноат каби соҳаларида Эстергётланд вилояти билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифларини билдирди.
Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни йўлга қўйиш, халқаро миқёсдаги маданий тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш, тажриба алмашиш ва сармоя жалб этиш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.