Фарғона ва Хитойнинг “Yanshi Dehai” компанияси қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг яқинда Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифи ўз самарасини бермоқда. Хусусан, бу ташриф давомида эришилган келишувлар амалий босқичга ўта бошлади.
Шу муносабат билан Хитойнинг "Xinjiang Yanshi Dehai Agricultural Technology Co., Ltd" компанияси вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Мазкур компания уруғчиликдан то пахтани қайта ишлашгача бўлган босқичларда бой тажрибага эга ҳисобланади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компания вакили Ян Ху бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Фарғонада уруғчилик соҳасини ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос пахта хомашёсини етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш масалалари муҳокама этилди.
Мулоқот давомида аниқ таклифлар асосида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Ушбу ташаббус вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қиймат занжирини янада мустаҳкамлаш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши билан эътиборлидир.