Фарғона ва Суғд савдо, транспорт ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтираётгани маълум қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзодани қабул қилди. Учрашувда давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатлари иттифоқчиликнинг янги босқичига кўтарилгани таъкидланди.
Хусусан, Фарғона ва Сўғд вилоятлари ўртасида транспорт-логистика, савдо-иқтисодий, ижтимоий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётгани, ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Икки вилоят раҳбарларининг доимий ва дўстона мулоқоти йўлга қўйилганлиги бунда муҳим ўрин тутаётганлиги билдирилди.
Шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, ҳудудларда истиқболли қўшма лойиҳалар ташкил этилаётгани эътироф этилди. Яқинда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро ҳунармандчилик фестивалида тожикистонлик ҳунармандлар ҳам фаол иштирок этгани, бу каби маданий тадбирлар ва фестивалларни кўпроқ ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Айни пайтда Фарғона вилоятида Тожикистон капитали иштирокида 12 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадош Андархон қишлоғида эркин савдо зонаси барпо этилмоқда.
Учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Фарғонада илк бор ўтказилган Тинчлик форуми ҳудудлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.