Фарғона ва SeoulTech ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва аниқ фанлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сеул фан ва технологиялар миллий университети ректори Ким Донг Хван билан учрашди.
Фарғона вилояти ва Жанубий Кореянинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларни қамраб олаётганлиги ва муносабатлар янги босқичга ўтилаётганлиги таъкидланди. Икки ҳудуд ўртасида таълим йўналишида ҳам ижобий тенденциялар шаклланаётганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини таъкидлаган вилоят ҳокими, бугунги ахборот технологиялари ривожланган даврда салоҳиятли кадрларга бўлган талаб ошиб бораётганлиги, бу жараёнда замонавий таълимни йўлга қўйиш ўз самарасини бераётганлигига алоҳида эътибор қаратди.
Университет ректори Ким Донг Хван олийгоҳ ташкил этилганлигига 115 йил тўлгани, ҳозирда мазкур таълим даргоҳи Кореяда энг салоҳиятли кадрларни тайёрлашда етакчи ўринларда эканлигини маълум қилди.
Олийгоҳда 14000 талаба таълим олаётганлиги уларнинг икки минг нафарга яқини бошқа давлатлардан келиб ўқиётганлиги, Ўзбекистондан келиб ўқиётган талабалар потенциалига эътибор ошгани, ўқишни тамомлаб, Кореядаги нуфузли компанияларда ишга жойлашаётганлиги, бугунги учрашувда ҳам шу каби ўзбекистонлик ёшлар иштирок этаётганлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими мазкур олийгоҳ билан сунъий интеллект, АйТи, аниқ фанлар йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш икки даргоҳ учун манфаатли бўлишини қайд этди.
Учраувда Фарғонадан талабалрни юбориш, тажриба алмашинувини бошлаш ва келгусида қўшма таълим дастурлари асосида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишиб олинди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Сеул фан ва технологиялар миллий университети ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик битими имзоланди. Шунингдек, Фарғона давлат техника университети ҳамда Сеул фан ва технологиялар миллий университети ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов, Фарғона давлат техника университети ректори Ўктам Саломов ҳам иштирок этди.