Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида HSB Solomon Associates компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 14 октябрь куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида халқаро консалтинг компанияси HSB Solomon Associates вакили – МДҲ ва Туркия минтақаси бўйича бизнесни ривожлантириш ва консалтинг директори Иван Томашевский билан учрашув бўлиб ўтди.
HSB Solomon Associates – дунёдаги етакчи бенчмаркинг ва нефтни қайта ишлаш заводларининг операцион самарадорлигини таҳлил қилиш соҳасидаги компания бўлиб, у бугунги кунга қадар бутун дунё бўйича 320 дан ортиқ NQIZ фаолиятини ўрганган. Компания Shell, BP, TotalEnergies ва ExxonMobil каби глобал нефть-газ гигантлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, жараёнларни оптималлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма тадқиқот ва лойиҳаларда иштирок этади.
Учрашув давомида стратегик ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, Фарғона NQIZнинг компания ўтказаётган халқаро тадқиқотларда иштироки, илғор ишлаб чиқариш ва рақамли технологияларни жорий этиш, соҳанинг етакчи корхоналари билан тажриба алмашиш ҳамда завод фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс ёндашувлар белгилаб олинди.
Соломон вакиллари Фарғона NQIZнинг юқори салоҳиятини эътироф этиб, узоқ муддатли ҳамкорликка қизиқиш билдирдилар.
“HSB Solomon Associates каби етакчи халқаро экспертлар билан ҳамкорлик қилиш Фарғона NQIZ учун илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва минтақавий ҳамда глобал бозорда рақобатбардошлик позицияларини мустаҳкамлаш имконини беради”, – деди Saneg бош директори Тулқин Юсупов.