Фарғона гилос экспортини йўлга қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти Қува туманидаги боғларда гилос пишиб, экспортга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Гилоснинг эрта пишар турларига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам талаб катта. Шу боис, вилоятда гилос экспортига алоҳида эътибор қаратилиб, гилос замонавий қадоқланмоқда.
2024 йилда Фарғона вилоятидан 15 минг тонна гилос экспорт қилинган. Асосан, Россия, Хитой, Корея, Литва, БАА, Полша, Украина, Бельгия, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт амалга оширилган.
Экспорт жараёнларида вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитар назорати давлат инспекторлари томонидан боғбонларга ва экспортёрларга яқиндан кўмак ва зарур маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларга чегара постларида ҳам қулайликлар яратилиб, экспорт жараёнлари тез ва осон бўлиши таъминланмоқда.