Фарғонадаги болалар учун АҚШ тажрибаси асосида юрак жарроҳлиги амалиётлари ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров "Global Cardiac Alliance" халқаро хайрия ташкилоти раҳбари Уильям Новикни ҳамда АҚШдаги Жанубий Каролина тиббиёт университети доценти, Ўзбекистон-Америка тиббиёт ассоциацияси ҳаммуассиси Алишер Дадабоевни қабул қилди.
Хайрия ташкилоти томонидан 1993 йилда фаолият бошлаганидан буён 35 та мамлакатда 10 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлиб, Ўзбекистонда ҳам болалар кардиология хизматини такомиллаштириш ва кенгайтириш дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2023 йил сентябрь ойида 9 та давлатдан келган 22 нафар тиббиёт мутахассислари иштирокида 60 нафар бемор болаларда муваффақиятли жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Учрашувда вилоят раҳбарига шулар ҳақида маълумот берилди.
“Биз Фарғонада жарроҳлик амалиётларини ўтказиш билан бир қаторда маҳаллий тиббиёт мутахассислари иштирокида 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатда кардиожарроҳлар жамоасини шакллантириб, уларга илғор Америка тажрибасига асосланган жарроҳлик усулларини ўргатишни мақсад қилганмиз”, - деди Ўзбекистон-Америка тиббиёт ассоциацияси ҳаммуассиси Алишер Дадабоев.
Вилоят раҳбари ушбу эзгу мақсадларни амалга оширишда барча шарт-шароитларни яратишда кўмак берилишини маълум қилди ва мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берди.
Учрашувда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов ҳам иштирок этди.