Фарғонада ERMAK-ALO мева қайта ишлаш заводи очилди
Фарғонада ERMAK-ALO мева қайта ишлаш заводи очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида жойлашган саноат зонасида “ERMAK-ALO” МЧЖ томонидан ташкил этилган меваларни қайта ишлаш лойиҳаси фойдаланишга топширилди.
Янги корхонанинг ишга туширилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари йиғилганларни юртимизда кенг нишонланган Наврўзи олам билан самимий табриклаб, мазкур корхонанинг ишга туширилиши байрамга муносиб туҳфа бўлганлигини, ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилишлигини қайд этди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида ишбилармонлар замонавий технологиялар, илм ва инновациялардан фойдаланган ҳолда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани ҳақида сўз юритилди. Мазкур корхонани ташкил этган, янги иш ўринлари яратиб, аҳоли даромадларини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркор Валижон Салиҳовнинг эзгу ташаббуслари эътироф этилди. Маҳсулотларни брендга айлантириб, нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорларига эга бўлган корхонанинг саъй-ҳаракатлари барча учун ибрат бўлаётганлиги билдирилди.
“ERMAK-ALO” МЧЖ илғор корхоналардан бири бўлиб, ҳудудларда ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётгани алоҳида қайд этилди.
Қиймати 2 миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорларга етказиб берилади.
Шунингдек, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллион долларга етказиш ва маҳсулот экспорт ҳажмини ошириш кўзда тутилган.
Корхона асосчиси Валижон Салиҳов ҳам сўз олиб, билдирилган ишончни оқлашга, ишлаб ҳажми ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги кенг қамровли ишлар юзасидан маълумот берди.
Тадбир давомида нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, эзгу тилаклар билдирилди. Рамзий лента қирқилиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишилди.
Маълумот ўрнида, “ЕRМАК” брендига 1992 йилда кичик оилавий корхона сифатида асос солинган. Бугунги кунда компанияда қарийб 800 нафарга яқин ходим фаолият юритмоқда. Маҳсулотлар дунёнинг 12 тадан зиёд мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Шу билан бирга, компаниянинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореядаги офислари ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.