Фарғона Халқаро Корея Университетини ривожлантириш ва талабалар учун шароитларни яхшилашни режалаштирмоқда
Фарғона Халқаро Корея Университетини ривожлантириш ва талабалар учун шароитларни яхшилашни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган Корея халқаро университети ректори Парк Жун Хони қабул қилди.
Учрашувда ушбу олий таълим муассасаси фаолиятини янада кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ҳамда талабалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ректор Парк Жун Хо университетда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Белгиланган таълим дастурлари асосида ёшларни Жанубий Корея олий таълим муассасаларида бакалавр ва магистратура босқичларида таҳсил олишларини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, университет ҳудудида талабалар учун қўшимча овқатланиш масканлари ва дам олиш ҳудудларини барпо этиш режалаштирилаётгани қайд этилди. Талабаларнинг дарслардаги иштирокини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида назорат қилишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилгани ҳамда унинг истиқболдаги имкониятлари тақдимот қилинди.
Вилоят раҳбари Корея халқаро университети фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар бўйича келишиб олинди.