Фарғона вилоятида Тожикистон билан чегарадан 11 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишнинг олди олинди
Фарғона вилоятида Тожикистон билан чегарадан 11 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишнинг олди олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Равот» чегара божхона пости ходимлари томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда аниқланган навбатдаги ҳолатда қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Божхона назоратининг техник воситалари кўмагида ўтказилган кўрик давомида автотранспорт воситасининг ёқилғи бакига шубҳали жисмлар яширилганлиги аниқланди.
Шундан сўнг белгиланган тартибда ва холислар иштирокида ушбу бак очиб кўрилганида, унинг ичига 6945 дона «Рояль» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 3 турдаги гиёҳвандлик воситалари яширилганлиги фош бўлди.
Жумладан, 10 кг 739 гр «гашиш», 412 гр «марихуана» ва 35 гр «опий» - жами 11 кг 186 граммга тенг гиёҳвандлик воситалари ҳуқуқбузардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ҳайдовчи тожикистонлик шахснинг буюртмасига биноан 2 минг АҚШ доллари эвазига мазкур гиёҳвандлик воситаларини божхона чегараларидан олиб ўтиши ва ўз уйидаги боққа кўмиб қўйиши, кейинчалик тожикистонлик шахснинг ўзи ушбу наркотик моддаларни олиб кетиши режалаштирилган эди.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Республикамиз божхоначилари 2025 йил давомида 1,8 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан синтетик наркотик моддаларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишди. Бу 2024 йилга нисбатан 1,8 баробарга кўпдир.