Фарғона вилояти ва Япония ўртасида ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди
Фарғона вилояти ва Япония ўртасида ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятимизга амалий ташриф билан келган Япониянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Ҳирата билан учрашди. Мулоқотда Фарғона вилояти билан Япония ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Кенжи Ҳиратани Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлангани билан самимий табриклаб, элчининг Фарғона вилоятига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини қайд этди.
Икки давлат раҳбарларининг яқин, ўзаро ишончга асосланган муносабатлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўплаб соҳаларда алоқалар ривожланиб бораётганининг асосий омили бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Фарғонада Япония таълим тажрибаси татбиқ этилгани, 20 нафардан зиёд таълим соҳаси вакилларининг Японияга бориб, тажриба алмашиб қайтганлиги, Фарғона давлат техника университетида япон тилини ўргатиш йўлга қўйилгани бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Фарғона вилоятида Япония капитали иштирокида 11 та корхоналар фаолият олиб бораётганлиги, шу билан бирга Фарғона шаҳридаги Экошаҳар ҳудудида “Shogun city” япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуаси ҳамда унга ёндош ҳудудда Nagai Clinic томонидан режалаштирилаётган, замонавий Япон тиббиёт ва соғломлаштириш шаҳарчаси лойиҳаларининг қурилиши ҳам ҳамкорликнинг янги босқичи эканлиги билдирилди.
Бундан ташқари, Фарғонанинг узум, анор, хурмолари Япониянинг савдо расталарида сотуви йўлга қўйилгани бўйича ҳам айтиб ўтилди.
Япония элчихонасининг “Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам грант дастури” доирасида вилоят ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказига апаратуралар харид қилиш учун 100 минг доллар грант маблағлари ажратилгани учун ҳам миннатдорлик билдирилди.
Фарғона вилояти бугун республика ҳудудлари ўртасида иқтисодиёти ва саноатлашиши бўйича энг юқори ўринларда эканини қайд этган элчи Кенжи Ҳирата, вилоятимизга ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳудудлараро ҳамкорликни янада жадаллаштиришга кўмаклашиш эканини маълум қилди. Ҳар соҳада кўмакка тайёрлигини айтиб ўтди.
Учрашув якунида барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда иш ташкил қилишга келишиб олинди.