Фарғона вилояти ва UNIDO ITPO Korea ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров UNIDO ITPO Korea раҳбари Маэнҳо Шин билан учрашди.
1985 йилда Корея Республикаси UNIDO га қўшилган бўлиб, 1987 йил Сеулда UNIDO ITPO Korea (UNIDO инвестициялар ва технологияларни илгари суриш бюроси) ташкил этилган. У ўз тармоғи орқали ривожланаётган мамлакатларда барқарор саноатни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни фаол амалга оширади.
Вилоят ҳокими саноатни ривожлантириш, инвестициялар ва технологиялар алмашинувини рағбатлантириш, инновацион тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги таклифларни юқори баҳолади. Фарғона вилояти билан ҳамкорликда ишлаш таклифи учун миннатдорлик билдирилди.
Фарғона вилоятининг саноат салоҳияти, қишлоқ хўжалиги имкониятлари, фаол тадбиркорлари билан улкан салоҳиятга эга эканлиги, вилоятнинг республикада ҳам энг фаол ҳудудлардан эканлиги бўйича маълумотлар берилди. Ушбу ташкилот билан ҳамкорликни йўлга орқали кўплаб халқаро ҳамкорларни топиш имконияти яратилиши қайд этилди.
Саноат, АйТи ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликни бошлаш, Фарғонада ташкилотнинг ваколатхонаси очиш бўйича таклифлар айтилди.
Янги лойиҳалар бўйича музокараларни бошлаш, ташкилот билан самарали ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйилишига ишонч билдирилди.
UNIDO ITPO Korea раҳбари Маэнҳо Шин Фарғона вилояти ҳокимлиги ва UNIDO ITPO Korea ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдираётганлиги, асосий мақсад барқарор саноат ривожланишига кўмаклашиш, Ўзбекистон-Корея ўртасидаги сармоявий ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборт эканлиги алоҳида эътироф этди.
Учрашувда мулоқотларни давом эттириш, маълумот алмашиш ва мувофиқлаштириш учун алоқа нуқталарини белгилаш бўйича ҳужжат имзоланди.