Фарғона вилояти ва Улсан шаҳарлари таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси Улсан саноат маълумотлар комплекси ва ишлаб чиқариш корхоналари билан танишди.
Улсан шаҳри Кореянинг “саноат пойтахти” ҳисобланади. Саноатнинг асосий тармоқлари: машинасозлик, кемасозлик, шунингдек, нефт-кимё ва бошқа соҳалар ҳисобланади. Бундан ташқари, Улсанда «Hyundai Motor» компаниясига қарашли энг йирик автомобиль ҳамда кемасозлик заводлари фаолият кўрсатади.
Бугунги кунда саноат тармоқларини электронлаштириш, ахборот технологиялари билан боғлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. “Саноат пойтахти” бўлган Улсанни эндиликда “сунъий интеллект” пойтахтига айлантириш, саноатни сунъий интеллект билан бирлаштириш мақсад қилинган. Бу борадаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Барча саноат тармоқлари электрон базага жамланиб, шу ердан бошқариш, назорат қилиш йўлга қўйилган.
Учрашувда масъуллар томонидан шулар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Фарғона вилоятида ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.