Фарғона вилояти ҳокими хитойлик инвесторлар билан ҳудуддаги янги йирик лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг "Hunan Zhongwei Group Co., Ltd.” компанияси директори Чень Минбо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мазкур компания томонидан Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм маркази ҳудудида 10 қаватли замонавий меҳмонхона, унга ёндош ҳудудда йирик халқаро савдо маркази барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги “Бақай” кичик саноат зонасида Фошань ишлаб чиқариш технопарки қурилиб, 20 тадан ортиқ корхоналар жойлаштириш режалаштирилган.
Учрашувда мазкур лойиҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар, уни бошлаш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Вилоят раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги босқичда жадал ривожланаётганини қайд этиб, бу борада ҳудудлараро ҳамкорлик кўлами изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Мазкур компания томонидан вилоятимизда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам бунинг амалий ифодаси эканлиги билдирилди.
Мулоқот давомида "ақлли транспорт", оқава сувларни тозалаш, канализация ҳамда чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдириб, инвесторлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунида ҳамкорликдаги лойиҳаларни тез ва самарали ошириш чора-тадбирлари белгиланди.