Фарғона вилояти ҳокими немис ҳамкорлари билан тўқимачилик соҳасини ривожлантириш ва мутахассислар малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси (Gesamtmasche) ҳамда Sequa халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти вакилларини қабул қилди.
Ушбу икки тузилма халқаро ҳамжамиятда ўрта бўғинда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида улкан салоҳиятга эга. Шу боис, дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта ҳаётий тажрибага эга ва ишончли ҳамкор сифатида самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Учрашувда вилоятдаги текстиль соҳасида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш, уларга замонавий технологиялар билан ишлаш борасида кўникмалар бериш ҳамда Фарғона пахта-тўқимачилик саноати маҳсулотларини Германия, шу билан бирга Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятлари, бу жараёнда икки томонлама ҳамкорлик кўлами жадал суръатларда ривожланиб бораётганлиги, ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари Ўзбекистон-Германия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, Фарғонада бошланган лойиҳа яхши самара бераётгани, бошқа йўналишларда ҳам алоқаларни фаоллаштириш лозимлигини билдирди.
Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси бош менежери Силвиа Жангбауер қабул учун миннатдорлик билдириб, 2022 йил октябрь ойида вилоятга ташрифи давомида текстиль соҳасида замонавий технологиялар билан ишлай оладиган ишчи-мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа янада такомиллаштирилгани, ушбу лойиҳа бугун ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон, хусусан, Фарғона ишончли ҳамкор сифатида Германияда ҳам эътироф этилаётганлиги, кўплаб германиялик тадбиркорлар янги лойиҳаларга инвестиция киритишга қизиқиш билдираётганлиги ҳақида айтиб ўтди.
Ушбу йўналишларда янги ҳамкорларни ҳам Фарғонага жалб қилиш мақсад қилингани маълум қилинди. Мулоқотда вилоят ҳокими аёлларни иш билан таъминлашда текстиль соҳаси муҳим эканлигини қайд этиб, бу йўналишдаги янги лойиҳаларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Учрашувда германиялик тадбиркорларни вилоятимизга олиб келиш, улар билан ҳамкорлик бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.