Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 29/05/2025 Фарғона, Сўғд ва Ўш вилоятлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

Фарғона, Сўғд ва Ўш вилоятлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона, Сўғд ва Ўш вилоятлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда Учкўприк туманида “Фарғона – бизнес ва инвестициялар маркази” мавзусида халқаро форум ташкил этилди. Унда Тожикистон, Қирғизистон, шунингдек, Озарбайжон, Туркия, Хитой каби давлатлардан 200 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, халқаро форумда Савдо-саноат палатаси ҳамда тижорат банклари раҳбарлари, вилоятимиздаги шаҳар-туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам қатнашди. Жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашувда амалий ҳамкорлик бўйича муҳим устувор йўналишлар белгилаб олинган эди. Мазкур бизнес форум чегарадош ҳудудларнинг ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Форумда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов, Сўғд вилояти раиси ўринбосари Зуфар Исмоилзода ҳамда Ўш вилояти бўйича мухтор вакилнинг ўринбосари Илияз Ташбаев бундай амалий тадбирлар уч давлат ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Форум Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти, Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳамда Қирғизистоннинг Ўш вилояти ҳамкорлигида ўтказилди.

Иштирокчиларга Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти, минтақанинг инвестиция ва экспорт имкониятлари, шу жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, махсус видеоролик ҳам намойиш қилинди. Учкўприк туманида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. “Бобошбек” мажмуаси ҳақида тақдимотлар ўтказилди, транспорт, логистика, савдо дўконлари, тикув-трикотаж цехлари фаолияти билан танишилди.

Бундан ташқари, тадбир қатнашчилари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жойлашган ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида бўлишиб, инвесторлар учун яратилган шароитлар, солиқ ҳамда божхона тўловларидаги имтиёзлар, амалга оширилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалари билан танишишди. Уларга корхоналарда яратилган иш ўринлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури, сифати, нарх-навоси, шунингдек, савдо ҳамда экспорт жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Йирик иқтисодий форумда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, экспорт ҳажмларини ошириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда B2B мулоқотлар ўтказилиб, савдо ва ишлаб чиқариш бўйича муҳим келишувларга эришилди, 30 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Форумда Фарғона ва Ўш вилояти ҳамда Учкўприк тумани ва Сўғд вилояти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Якунда бундай форматдаги тадбирларни Фарғона, Сўғд ва Ўш вилоятларида ҳар йили анъанавий равишда ўтказишга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг