Фарғона шаҳрида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Келаси ҳафта Фарғона бир неча кун мобайнида халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига айланади. Бу ерда 15-16 октябрь кунлари "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ўтказилади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти ҳамда тинчлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига ихтисослашган нуфузли халқаро тузилмаларни бирлаштирувчи платформа - Тинчликни барпо этиш хаби билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Тадбир, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти билан ҳамкорликда БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида ўтказилмоқда.
Икки кун давом этадиган анжуманда Марказий Осиё, МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларидан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.
Фахрий меҳмонлар қаторида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс, ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори Кейт Фирон, ОҲИЧК бош котиби Қайрат Сарибай, ШҲТ бош котиби ўринбосари Хан Сохайл, БМТнинг Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги доимий координаторлари бор.
Бўлажак йиғилишнинг асосий ўзига хос жиҳати унинг инклюзив характерида намоён бўлади. Унда фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва аёллар ташкилотлари, шунингдек эксперт ҳамда академик доиралар вакиллари фаол иштирок этадилар.
Шунингдек, тинчлик ўрнатиш соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, Германиянинг Бергхоф жамғармаси, Мартти Ахтисаари номидаги Финляндия тинчлик жамғармаси, Швейцариянинг ПеасеНехус жамғармаси, Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (Швеция) иштирок этиши кўзда тутилган.
Форумнинг асосий мақсади мулоқот, ўзаро ишонч, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва Фарғона водийсини ривожлантиришнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш учун доимий фаолият юритувчи платформани яратишдан иборат.
Тадбир кун тартибидан Фарғона водийсининг барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, хусусий сектор, ёшлар ва фуқаролик жамиятининг ролини кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Фарғона тинчлик форуми шафелигида қирғизистонлик ҳамкорлар ва Тинчликни барпо этиш хаби кўмагида илк бор "Интимак куни" (Бирдамлик куни) ташкил этилади.
Форумдан кутилаётган натижалар қаторида Фарғона водийсини дўстлик, яхши қўшничилик ва барқарор ривожланишнинг ягона макони сифатида шакллантиришга даъват этувчи Коммюнике қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида “Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низолар, можаролар даври ўтмишда қолди. Кейинги йилларда минтақамизда ўзаро товар айирбошлаш, сармоя ва транспорт ҳажми 5 баробар ошди. Мамлакатимизда қўшма инвестиция фондлари, чегара савдоси ва саноат кооперацияси, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дея таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Ўзининг жипслиги, барқарорлиги ва ўсиб бораётган минтақавий ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида мустақил субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда".
“Фарғона водийсида тинчлик Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси, шунингдек, мавжуд тафовутларни ўзаро ҳамкорлик ва куч манбаига айлантира олган маҳаллий ҳамжамиятларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида таъминланди,” –дея таъкидлади СМТИ директори Элдор Арипов, бўлажак тадбирга изоҳ берар экан.
Унинг сўзларига кўра, “Фарғона форуми Фарғона водийсини тинчлик, тотувлик ва кенг имкониятлар макони сифатида янги қиёфада намоён этишга қаратилган бўлиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда халқлар ўртасидаги бирдамлик минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга қодир эканини кўрсатади”.