Валюта курслари 06/11/2025
$1 – 11970.67
UZS – 0.17%
€1 – 13748.31
UZS – 0.03%
₽1 – 147.59
UZS – -0.07%
Қидириш
Фарғона қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқда

Фарғона қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқда

Фарғона қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида барпо этилаётган корхона қурилишига старт берилди.

Мазкур тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Нуриддин Мамажонов, Ҳакимжон Долимов, хитойлик инвесторлар, масъул мутасаддилар иштирок этди.

Президентимизнинг 2025 йил 24 мартдаги “Наманган ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан  Фарғона вилоятида 141,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда кунига 1,5 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналарни ишга тушиш вазифаси белгиланган.

Бугун Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида Хитой Халқ Республикасининг “China Everbright International Ltd.” компанияси томонидан қиймати қарийб 150 миллион доллар бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасига старт берилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва қайта ишлаш тизимини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш бўйича бир қатор самарали лойиҳалар амалга оширилаётганлигини қайд этди.

Хитой компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳам вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошишига  ҳамда электр энергия таъминотини янада яхшиланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

“China Everbright International Ltd.” компанияси директори Вей Жун Бо ҳам сўз олиб, самарали ҳамкорлик ва ишонч туфайли бу каби лойиҳалар амалга оширишга киришилганини маълум қилди. Вилоятнинг атроф муҳитини яхшилаш, ижтимоий—иқтисодий ривожлантиришига ҳисса қўшишдан мамнун эканлигини таъкидлади.

Корхона йилига 547 минг тонна (кунига 1,5 минг тонна) маиший чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз термик усулда қайта ишлаб, 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Ушбу корхонанинг ишга тушиши чиқиндиларни полигонларда йиғилишини кескин камайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш ва энергетика соҳасида барқарорликка эришиш имконини беради.

Шунингдек, корхонада 400 нафарга яқин янги иш ўринлари ташкил этилади ҳамда маҳаллий мутахассислар замонавий технологиялар асосида малака ошириш имкониятига эга бўладилар.

Нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, янги корхонага тамал тоши қўйилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг