FAОдаги халқаро учрашувда Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рим шаҳрида, FАО штаб-квартирасида “SSTC as a catalyst for Agrifood System Transformation: commitments, approaches and experiences from the countries” (“Агроозик-овқат тизимларини трансформация қилишда Жануб–Жануб ва уч томонлама ҳамкорликнинг роли: мамлакатларнинг мажбуриятлари, ёндашувлари ва тажрибалари”) мавзусида вазирлар даражасидаги анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда FАО Бош директори Тсüй Дунъюй, Хитой ва Иордания қишлоқ хўжалиги вазирлари, шунингдек, бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз маърузасида Жануб–Жануб ва уч томонлама ҳамкорликни инновация, билим ва инсон капиталига асосланган ҳамкорлик экотизими сифатида ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, вазир қишлоқ хўжалигида “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш, карбон бозори (carbon market)ни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ташаббусларини тақдим этди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналиш фермерлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратади ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнларини тезлаштиради.
Учрашув Ўзбекистоннинг FАО билан стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, шунингдек, Жануб–Жануб ва уч томонлама ҳамкорликдаги фаол иштирокини кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.