ФАО ва Ўзбекистон кичик фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий лойиҳасини якунламоқда
ФАО ва Ўзбекистон кичик фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий лойиҳасини якунламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Кичик фермерлар барқарор аграр озиқ-овқат экотизимларига эришиш учун қишлоқ хўжалигидаги инноваторлар сифатида” минтақавий лойиҳасининг якунланишига бағишланган юқори даражадаги якуний тадбирини ташкил этди.
Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бири бўлиб, аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим стратегик аҳамият касб этади. Мева-сабзавотчилик соҳаси эса аграр секторнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Қирғизистонда кичик фермерларнинг салоҳиятини таълим, инновациялар ва иқлимга мос ёндашувлар орқали мустаҳкамлашга қаратилган эди.
ФАОнинг Мослашувчан ихтиёрий бадаллар (ФВС) механизми орқали молиялаштирилган лойиҳа икки йил давомида изчил амалга оширилиб, кичик фермерларнинг озиқ-овқат тизими бўйлаб барқарор, самарали ва иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этиш салоҳиятини сезиларли даражада оширди. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, экотизимларни тиклаш, барқарор турмуш даражаси ва иқлим ўзгаришига мослашув билан боғлиқ муаммоларни комплекс ҳал этишга хизмат қилди.
Лойиҳанинг муҳим натижаларига устувор мева ва сабзавот экинлари учун иқлимга мос технологияларни жорий этиш, маҳаллий сабзавот уруғчилиги секторининг ишлаб чиқариш ва бозор салоҳиятини ошириш, шунингдек, кичик фермерларнинг экин етиштириш ва хўжалик юритиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш киради. Шу билан бирга, миллий институтларнинг институционал ва техник салоҳияти сезиларли даражада кучайтирилди.
Якуний тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАО, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, донорлар, молиявий институтлар, фермер кооперативлари ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари иштирок этди. Тадбир лойиҳа доирасида эришилган ютуқлар ва олинган сабоқларни тақдим этиш, шунингдек, иқлимга мос иссиқхона ва боғдорчилик йўналишларини кенгайтириш бўйича инвестиция ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Дастур ялпи якуний сессия, ОАВ ва фото-материаллар учун имконият, лойиҳа иштирокчиларининг органик ва иқлимга мос маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда техник муҳокамалар сессиясини қамраб олди. Тажриба зоналари орқали инновациялар, аёллар етакчилиги ҳамда намойиш майдонларидаги муваффақиятли технологиялар намойиш этилди.
Ушбу тадбир кичик фермерлар, айниқса аёлларнинг, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлимга чидамлиликни ошириш ва барқарор аграр озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришдаги муҳим ролини яна бир бор тасдиқлади.