Валюта курслари 24/06/2025
$1 – 12410.99
UZS – -0.69%
€1 – 14237.89
UZS – -1.16%
₽1 – 158.38
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2025 ФАО ва Ўзбекистон ер соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда ҳамкорликни кучайтирмоқда:

ФАО ва Ўзбекистон ер соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда ҳамкорликни кучайтирмоқда:

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида "Ер кодексини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш" (TCP/UZB/4003) лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида халқаро экспертлар делегацияси Ўзбекистонда ер муносабатлари ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли муҳокамалар ўтказди.

Мазкур техник ҳамкорлик лойиҳаси Ўзбекистоннинг ер бошқаруви тизимини халқаро илғор тажрибаларга мувофиқ модернизация қилиш, ер муносабатлари ва фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ер ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини самарали ривожлантиришга қаратилган.

ФАОнинг халқаро экспертлар гуруҳи — Мортен Хартвигсен, Брэдли Патерсон ва Томас Версинскас — Ўзбекистонга ташриф давомида миллий манфаатдор томонлар билан қатор учрашувлар ўтказди. Экспертлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий лойиҳалаш институти, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бундан ташқари, делегация Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мутахассислари билан алоҳида мулоқотлар ўтказди.

"Ушбу миссия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида ер бошқаруви тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик саъй-ҳаракатларимизда муҳим қадам ҳисобланади”, — деди лойиҳа координатори Наримон Нишонов. “ФАО экспертлари томонидан берилган тавсиялар ер ислоҳотларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш билан бир вақтда миллий устувор вазифаларни амалга оширишда муҳим рол ўйнайди."

Лойиҳа доирасида ер мулкини масъулиятли бошқариш бўйича халқаро қўлланмалар (VGGT) асосида тенглик, ошкоралик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экспертлар Сирдарё вилояти Оқолтин ва Сардоба туманларида қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш амалиётини ўрганиб чиқди.

Таҳлил ва маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон ер қонунчилигини такомиллаштириш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш мақсадлари ва барқарор ер бошқаруви амалиётларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

ФАОнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистонда ер ислоҳотларини самарали амалга ошириш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилган узоқ муддатли ҳамкорликнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг