Валюта курслари 24/10/2025
$1 – 12129.33
UZS – 0.23%
€1 – 14061.53
UZS – 0.21%
₽1 – 149.17
UZS – 0.78%
Қидириш
ФАО Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини гендер ҳолатини баҳолаш” натижаларини эълон қилди

ФАО Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини гендер ҳолатини баҳолаш” натижаларини эълон қилди

ФАО Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини гендер ҳолатини баҳолаш” натижаларини эълон қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Қишлоқ аёллари ва барқарор келажак” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда давлат идоралари ва вазирликлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни очиш маросимида Орзигул Қозихонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Нуриддин Қўшназаров, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси, ҳамда Мукаррам Аҳмедова, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари сўзга чиқдилар.

Давра суҳбати доирасида ФАОнинг “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини гендер ҳолатини баҳолаши” (Country Gender Assessment – CGA) янгиланган ҳисоботи тақдим этилди. Ҳисоботни Элизабет Дубан, ФАО халқаро консультанти тақдим этди. Сессияни Доно Абдуразоқова, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий офисининг гендер ва ижтимоий ҳимоя бўйича катта маслаҳатчиси бошқарди.

“Бугунги семинар – бу нафақат баҳолаш натижаларини тақдим этиш, балки келгуси қадамларни белгилаш учун ҳам муҳим имкониятдир. Бу Ўзбекистон қишлоқ аёлларига ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён этиш, ҳаёт шароитларини яхшилаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги, табиий ресурсларни сақлаш ва барқарор ривожланишга қўшаётган бебаҳо ҳиссаларини янада ошириш учун амалий ечимлар ва ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш платформасидир.”– деди Нуриддин Қўшназаров, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси.

Тадбир иштирокчилари гендер тенглигини таъминлаш, қишлоқ аёлларининг ҳуқуқларини кенгайтириш, ресурслардан фойдаланишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва қишлоқ аёлларининг салоҳиятини ривожлантириш бўйича амалий таклиф ва фикрлар билан ўртоқлашдилар. Давра суҳбати CGA ҳисоботи хулосаларини кенг жамоатчиликка етказиш, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ривожланишида гендер тенглигининг аҳамиятини ёритиш, давлат органлари, фуқаролик жамияти, донорлар ва ОАВ иштирокида мулоқотни рағбатлантириш ҳамда CGA тавсияларини амалга ошириш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

“Қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтириш ва уларни эшитиш – барқарор ривожланишнинг асосий шартидир. ФАО ўз миллий ҳамкорлари билан биргаликда қишлоқ аёлларининг иқтисодий ва ижтимоий ролини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этади”, — деди Доно Абдуразоқова.

Тадбир якунида ФАО, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси вакиллари гендер тенглигини таъминлаш ва қишлоқ аёлларининг ролини мустаҳкамлаш бўйича ўзларининг қатъий садоқатини яна бир бор тасдиқладилар. ФАО ўз мандати доирасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияларига гендер ёндашувини жорий этиш ҳамда барқарор келажак учун аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш йўлида миллий ҳамкорлар билан ҳамкорликни давом эттиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг