ФАО Ўзбекистондаги озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияларини мустаҳкамлаш учун замонавий лаборатория жиҳозларини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) “Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари” лойиҳаси доирасида, Пандемия жамғармаси ва Жаҳон банки ҳамкорлигида, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига замонавий лаборатория асбоб-ускуналари ва сарф материаллари тўпламини топширди.
Умумий қиймати 117 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган жиҳозлар озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияларининг имкониятларини оширишга хизмат қилади ва улар замонавий аналитик ускуналар, аниқ ўлчов асбоблари ҳамда ҳайвонлар ва озиқ-овқат маҳсулотларида инфекцион касалликларни сақлаш, аниқлаш ва мониторинг қилиш учун зарур сарфланадиган материалларни ўз ичига олади.
Расмий топшириш маросими ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида бўлиб ўтди. Унда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Пандемия жамғармаси ва Жаҳон банки ҳамкорлари иштирок этди.
Ушбу ташаббус мамлакатнинг ветеринария ва озиқ-овқат хавфсизлиги инфратузилмасини яхшилаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, жамоат саломатлигига мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олишга ҳисса қўшади.
"Лаборатория имкониятларини мустаҳкамлаш — ЪЯгона саломатликʼ ёндашувининг муҳим қисми ҳисобланади. Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг хавфсизлигини ошириш ва касалликларни кузатув тизимини кучайтиришга интиламиз," — деди Шерзод Умаров, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари.
ФАО Ўзбекистонда миллий ветеринария ва санитария хизматларини ривожлантиришга инфратузилмани яхшилаш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва техник ёрдам кўрсатиш орқали ҳисса қўшишда давом этади.