Валюта курслари 03/10/2025
$1 – 12099.72
UZS – 0.13%
€1 – 14223.22
UZS – 0.18%
₽1 – 148.90
UZS – 1.49%
Қидириш
ФАО делегацияси Қирғизистонда сунъий музлик технологияларини ўрганиб, Ўзбекистонда сув танқислигига ечим изламоқда

ФАО делегацияси Қирғизистонда сунъий музлик технологияларини ўрганиб, Ўзбекистонда сув танқислигига ечим изламоқда

ФАО делегацияси Қирғизистонда сунъий музлик технологияларини ўрганиб, Ўзбекистонда сув танқислигига ечим изламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Қирғиз Республикаси Баткен вилоятига уч кунлик ўқув сафарини амалга оширди. Ушбу ташриф “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” (ФОЛУР-Ўзбекистон) лойиҳаси доирасида ўтказилиб, сафарнинг мақсади мавсумий сув танқислигига қарши курашишда инновацион сунъий музлик технологияларини ўрганиш бўлди.

Делегацияга сунъий музлик технологияларини ФАОнинг Қирғизистондаги Миллий лойиҳа менежери ва сув тежовчи технологиялар бўйича эксперт Матраим Жусупов таништирди. У назарий машғулотлар ҳамда дала ташрифлари давомида тизимнинг амалий жиҳатларини тушунтириб берди. Биринчи куни делегация сунъий музлик концепцияси бўйича тақдимотда иштирок этди, иккинчи куни эса тоғли ҳудудлардаги пилот лойиҳаларни кўздан кечириб, қувурлар, вертикал пуркагичлар ва сув таъминоти тизимининг ишлашини кузатди. Маҳаллий аҳолининг меҳнати ва ҳиссаси туфайли қурилган ушбу иншоотлар барқарорлиги ва самарадорлиги билан ажралиб турди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг 90 фоиздан ортиғи суғоришга боғлиқ. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, ёғингарчиликнинг нотекис тақсимланиши ва табиий музликларнинг тез эриши сабабли сув танқислиги кучаймоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида сув ресурслари етишмовчилиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига ва аҳолининг турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда.

ФАО мутахассислари таъкидлашича, сунъий музлик технологияси Ўзбекистон шароитида иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва сув ресурсларини самарали бошқаришда истиқболли ечимлардан бири бўлиши мумкин.

Баткендаги тажриба шуни кўрсатдики, маҳаллий ҳамжамиятлар оддий, арзон ва инновацион технологияларни ўзлаштириш орқали сув таъминотини яхшилашга ва ўз турмуш шароитларини барқарорлаштиришга эриша олади. Бу тажриба аҳолининг инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилишда бевосита иштирок этишига замин яратди, айниқса, улар томонидан тан олинган ва маҳаллий шароитларга мослаштирилган ечимлар орқали. Гравитациявий асосдаги сув етказиш тизимлари, ёмғир сувини йиғиш иншоотлари ва кичик ҳажмдаги суғориш технологияларининг жорий этилиши туфайли сувга бўлган доимий эҳтиёж камайди, уй хўжаликлари даромадлари барқарорлашди ва айниқса аёллар ҳамда ёшларнинг сув билан боғлиқ оғир меҳнат юки сезиларли даражада енгиллашди. Шу билан бирга, сув ресурсларидан фойдаланишда экологик ёндашувлар мустаҳкамланиб, аҳоли орасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги онг ва жавобгарлик ошди. Ушбу тажриба натижалари ФОЛУР лойиҳасининг агроэкологик тамойиллари ва интеграциялашган ландшафт бошқаруви мақсадларига тўлиқ мос келади. Баткендаги ёндашув Ўзбекистондаги шунга ўхшаш иқлимий ва ижтимоий шароитларда ҳам муваффақиятли татбиқ этилиши мумкин бўлган модель сифатида қаралмоқда.

ФОЛУР-Ўзбекистон лойиҳаси координатори Азиз Нурбековнинг таъкидлашича - Сунъий музлик технологияси бўйича ФАО делегацияси фақат Қирғиз тажрибаси билан чекланмай, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатларда ҳам қўлланилаётган илғор ёндашувлар билан танишмоқда. Жумладан, Ҳиндистоннинг Ладакҳ минтақасида "Исе Ступа" деб аталувчи сунъий музликлар орқали қишлоқ хўжалигида баҳорги суғориш суви манбалари яратилмоқда. Покистонда ҳам шунга ўхшаш технологиялар ёрдамида сув танқислиги шароитида дарё сувидан музлик шаклида заҳира яратилиб, вегетация даврида ундан босқичма-босқич фойдаланилмоқда. Ушбу халқаро тажрибалар Қирғизистондаги амалиёт билан биргаликда Ўзбекистон тоғли ҳудуларида яшайдиган аҳолининг урф одаталридан ва маҳаллий шароитдаги талаблардан келиб чиққан ҳолда сунъий музликлардан самарали фойдаланиш истиқболлари бор эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Сафар якунида делегация Ўзбекистон шароитида техник-иқтисодий асослаш ва гидрологик тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар ва фермерлар учун тренинг ва ўқув сафарларини ташкил этиш, маҳаллий ҳамжамиятларни меҳнат ва ҳам-молиявий иштирок орқали жалб қилиш, сунъий музликларни томчилатиб суғориш ва яйлов бошқаруви билан уйғунлаштириш ҳамда рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича тавсиялар берди.

ФАО Ўзбекистон ФАО Қирғизистон ва бошқа минтақавий ҳамкорлар билан ҳамкорликни давом эттириб, ушбу инновацион ёндашув бўйича билим ва тажриба алмашинувини кенгайтиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР