Фабио Каннаваро: «Ҳатто дўстона ўйин ҳам максимал тайёргарликни талаб қилади»
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваро Кувайтга қарши дўстона учрашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ушбу ўйин Тошкентда бўлиб ўтади.
Италиялик мутахассиснинг таъкидлашича, ҳар бир ўйин жиддий синов ҳисобланади. «Ҳеч қачон тайёр бўлмаган ҳолда майдонга туша олмайсиз. Шу сабаб доимо футболчиларга максимал тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлайман», — деди Каннаваро.
Унинг сўзларига кўра, жорий йиғин давомида чақирилган футболчилар икки ўйинда ҳам синовдан ўтказилади, бу жараёнда жамоа ҳужумкор услубга содиқ қолади, аммо бутун 90 дақиқа давомида тўхтовсиз ҳужум қилиш режалаштирилмаган.
Мураббий таъкидлашича, айрим футболчилар унинг ташаббусисиз чақирилган бўлсада, ҳозирги таркибда ўзининг энг яхши спорт формасидаги футболчилар жамланган. «Биз мураббийлар штаби билан биргаликда ўйин ҳақида муҳокама қиламиз, бугун футболчилар билан ҳам гаплашамиз. Ким тайёр бўлса, албатта, майдонга тушади. Барча учрашувларни кўриб чиқдим ва Турғунбоев ҳамда Эшмуродовни таркибга чақириш кераклигини айтиб ўтдим. Терма жамоа ҳар бир футболчилар орзуси. Афсуски, таркибда икки нафар футболчимиз ҳам жароҳат олди», — деди Каннаваро.
Италиялик мутахассис маҳаллий мураббийлар билан ҳамкорлик ҳақида ҳам фикр билдирди. «Тимур Кападзе билан биргаликда иш олиб боряпмиз, ўйин фалсафаларимиз ўхшаш. У ўзбек футболи улкан тажрибага эга. Менда маҳаллий мутахассис билан ишлаш борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Балки штабга яна бошқа маҳаллий мутахассисларни ҳам жалб этишимиз мумкин», — деди Каннаваро.
Унинг қўшимча қилишича, у учун асосий нарса — майдондаги 11 нафар футболчининг ўйинни тўлиқ англаб етиши: «Тактик услублар бу шунчаки рақамлар холос. Уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш ҳимоявий кўринсада, аслида ҳужум бошлашда тезкорликка эришишга имкон беради. Мен учун муҳими — майдондаги 11 футболчи бир-бирини қанчалик тушуна олиши. Фаолиятим давомида буюк мураббийлар билан ишладим, улардан кўп нарса ўргандим».