Expo 2025'да Ўзбекистон Миллий куни нишонланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро Expo 2025 кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Миллий куни нишонланди. Тадбир дастури доирасида миллий рақслар, концертлар, парад ва расмий маросимлар ташкил этилди.
Тантанали маросимда икки давлатнинг давлат мадҳиялари ижро этилди, расмий делегациялар иштирок этди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаянэ Умерова таъкидлашича, Ўзбекистон павильонини 500 мингдан ортиқ киши зиёрат қилган. Шунингдек, у мазкур павильон нуфузли Red Dot: Best of the Best мукофотига сазовор бўлганини қайд этди.
Бундан ташқари, 2027 йилда Нара Миллий музейида Буюк Ипак йўлига бағишланган кўргазмани ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Ҳужжат музейлар, академик ҳамжамият ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
Expo якунлангандан сўнг Ўзбекистон павильони Нуқусга кўчирилади ва у ерда таълим марказига айлантирилади.