ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ўзбекистонга ташриф буюради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили, элчи Ян Брату 2025 йил 11–12 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ўзининг илк расмий ташрифини амалга оширади.
Ташриф доирасида у мамлакатнинг юқори лавозимли давлат амалдорлари ва медиасектор вакиллари билан учрашувлар ўтказади.
13–14 ноябрь кунлари ЕХҲТ вакили офиси «Ахборотли ва барқарор жамият учун оммавий ахборот воситаларининг ҳаётийлигини таъминлаш» мавзусидаги 25-Марказий Осиё медиа-конференциясини ташкил этади.
Тадбир Тошкент шаҳридаги InterContinental меҳмонхонасида бўлиб ўтади, бошланиш вақти соат 10:00 га белгиланган.
Конференция дастури пленар сессиялар, интерактив мастер-класслар ва журналистлар учун янги муҳим ресурслар тақдимотини ўз ичига олади.
Асосий мавзулар қаторида — медиа ҳаётийлиги манифестини амалга ошириш бўйича ОАВ учун амалий ёндашувлар, йирик технологик платформалар ва сунъий интеллект шароитида ОАВ эркинлигини таъминлаш бўйича ЕХҲТ вакили тавсиялари, мустақил журналистиканинг асоси сифатида журналистлар хавфсизлиги, шунингдек, аудиторияни жалб қилиш ва дезинформацияга қарши дастлабки ҳимоя воситаси сифатида медиасаводхонлик масалалари бор.