Валюта курслари 10/10/2025
$1 – 12123.38
UZS – 0.43%
€1 – 14094.64
UZS – 0.56%
₽1 – 149.19
UZS – 0.8%
Қидириш
ЕХҲТ Оролбўйи минтақасида биологик хилма-хилликни мониторинг қилиш бўйича кузги экспедицияни қўллаб-қувватлади

ЕХҲТ Оролбўйи минтақасида биологик хилма-хилликни мониторинг қилиш бўйича кузги экспедицияни қўллаб-қувватлади

ЕХҲТ Оролбўйи минтақасида биологик хилма-хилликни мониторинг қилиш бўйича кузги экспедицияни қўллаб-қувватлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг барқарор ривожланиш тажрибасини ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш чораларини илгари суриш орқали экологик хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган Судоче кўлига кузги илмий-амалий экспедиция амалга оширилди.

Экспедиция ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг молиявий кўмагида ҳамда Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси, Қорақалпоқ давлат университети, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг етакчи олим ва экспертлари иштирок этди. Дала ишлари сув сатҳи ва шўрланиш даражасини кузатиш, ўсимликлар ҳолатини тавсифлаш, GPS-хариталаш, биохилма-хиллик бўйича маълумотларни йиғиш ва дастлабки таҳлил қилишдан иборат бўлди. Мониторингнинг замонавий усуллари, жумладан, тирик организмларнинг реакцияси асосида атроф-муҳит ҳолатини баҳолашнинг самарали воситаси бўлган биоиндикация қўлланилди.

“Судоче сув-ботқоқ экотизимини мониторинг қилиш нафақат илмий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга. Экспедиция натижалари ҳам иқлим ўзгариши, ҳам антропоген омиллар таъсирида юзага келган ўзгаришларни баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади ҳамда Оролбўйининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва деградация бўлган ҳудудларини тиклаш бўйича таклифларни шакллантириш имконини беради,” - деди экспедицияда қатнашган ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен. “Биз Марказий Осиёнинг энг заиф минтақаларидан бирида биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни, айниқса, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.”

Экспедицияда иштирок этган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси агентлигининг лойиҳа менежери Аброржон Каримов сўзларига кўра, Судоче мониторинги шунчаки маълумот йиғиш эмас, бу минтақа барқарорлигига қўшилган ҳиссадир. “Биз оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган ўзгаришларни қайд этамиз ва уларни аниқ қарорлар учун асосга айлантирамиз. ЕХҲТ кўмаги туфайли экспедиция юқори даражада ташкил этилди ва барча хавфсизлик стандартларига риоя қилинган ҳолда ўтди,” – деди Аброржон Каримов.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори 2016 йилдан буён Оролбўйи минтақасининг биологик хилма-хиллигини мониторинг қилишда Халқаро жамғармани қўллаб-қувватлаб келмоқда. Судоче кўлига экспедиция Марказий Осиёда табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва экологик барқарорликни ривожлантириш бўйича кенгроқ ташаббуснинг бир қисмидир. ЕХҲТнинг кўмаги Ўзбекистонга нафақат Париж битими ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция доирасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришга, балки экологик бошқарувга замонавий ёндашувларни жорий этишга ҳам ёрдам беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг