ЕХҲТ Ўзбекистондаги давлат органлари учун киберхавфсизлик бўйича тренинглар дастурини ишга туширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Электрон ҳукуматдан тортиб рақамли давлат хизматларигача бўлган жараёнларда Ўзбекистон рақамлаштириш йўлида барқарор тараққиёт кўрсатмоқда. Бироқ рақамли трансформацияни мустаҳкам киберхавфсизликсиз амалга ошириб бўлмайди.
Шу муносабат билан, 14 июлдан 21 августгача Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳа Координатори Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Noventiq Education ўқув маркази билан ҳамкорликда давлат органларида ахборот хавфсизлиги соҳаси бўйича маъсул 70 нафар мутахассис учун тренинглар ўтказмоқда.
Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишига кўмаклашади.
Тренинг дастури киберҳимоянинг учта асосий йўналишини қамраб олади:
Ethical Hacking: ёвуз ниятлилар қандай фикрлайди ва уларга қандай қарши курашиш керак. Иштирокчилар хакерлик ҳужумлари усулларини чуқур ўрганиб, реал хавфли вазиятларни моделлаштириш орқали заифликларни аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни эгаллайдилар.
Linux хавфсизлиги: дунё серверларининг 90 фоиздан ортиғи Linux платформасида ишлайди, жумладан wеб-серверлар, маълумотлар базалари, корпоратив ва давлат тизимлари. Тренинг тизим хавфсизлигини созлаш, кириш назорати, журнал юритиш ҳамда Linux муҳитидаги типик таҳдидларни қамраб олади.
Windows Server Security: сервер инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш. Иштирокчилар серверларни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш, хавфсизлик созламалари, мониторинг ва рақамли ҳужумларни олдини олиш бўйича амалий билимларга эга бўладилар.
Бу йўналишлар тасодифан танланмаган: айнан шу йўналишлар замонавий рақамли сервислар қуриладиган ИТ манзарасининг асосини ташкил этади.
“Бугунги рақамли таҳдидларга самарали жавоб бериш учун мутахассислар нафақат назарий билимларга, балки амалий кўникмаларга ҳам эга бўлишлари зарур. Бундай тренинглар реал ҳаётий вазиятларга тайёрланиш имконини яратади. Бу рақамли инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлигини сақлаб қолиш учун муҳим бир қадамдир.” – ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг вазифасини бажарувчи Сергеи Сизов таъкидлади.
Ўтказилаётган тренинглар ЕХҲТ томонидан кибержиноятчиликка қарши курашиш ва рақамли маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича миллий салоҳиятни оширишга қаратилган кенг кўламли ташаббуснинг бир қисмидир. Ушбу ўқув тадбирлари ЕХҲТ нинг “Кибер таҳдидлар ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишда миллий салоҳиятни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ташаббус давлат идораларининг профессионал малакасини ошириш, шунингдек, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга қаратилган.
Шу тариқа, тренинглар ахборот хавфсизлиги соҳасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган тизимли ишларнинг бир қисмига айланди ҳамда мутахассисларни замонавий рақамли таҳдидларга тайёрлашни таъминламоқда.