Европалик экспертлар конгресс туризмини ривожлантириш ва ўзбек маданиятини хорижда тарғиб қилишни таклиф қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари – Алфред Гузенбауэр, Александр Квасневский ва Штефан Фюле мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, туризм салоҳияти билан яқиндан танишди.
Улар дастлаб Самарқандга ташриф буюриб, тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларни томоша қилди. Ҳудуддаги туризм инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кўздан кечирди.
Кенгаш аъзолари Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев билан учрашди. Уларга ҳудудда туризмни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, жорий йил якунига қадар вилоятга 3 миллион нафар хорижий ва 5 миллиондан зиёд маҳаллий туристлар келиши кутилмоқда.
Меҳмонлар Самарқанднинг бой маданий мероси ва бағрикенглик муҳити ҳақида тўхталиб, бу шаҳар сайёҳларни ўзига чорлаб келаётганини қайд этдилар.
– Самарқанднинг ҳар бир обидаси тарихдан сўзлайди. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқанд азалдан бой маданиятлар туташган, турли миллат вакиллари тотувликда яшайдиган маскан бўлган. Бу жиҳат айни пайтда бутун дунёда жуда долзарб. Самарқандга келган сайёҳлар, аввало, аҳолининг меҳмондўстлиги ва самимийлигини эътироф этади ва шунинг учун яна келишга ошиқади. Бу имиждан фойдаланиб, туристларга қулайликларни кенгайтириб, вилоятда соҳани янада ривожлантириш мумкин, – деди Австриянинг собиқ Федерал канцлери Алфред Гузенбауэр.
Учрашувда шу борадаги қўшимча имкониятлар муҳокама қилинди. Жумладан, Вена тажрибаси асосида Самарқандда конгресс туризмини йўлга қўйиш учун ажойиб имконият борлиги таъкидланди.
Кенгаш аъзолари бу соҳада тавсиялар бериш, қўшма маданий тадбирлар ва халқаро кўргазмалар орқали Самарқанд салоҳиятини тарғиб этишга тайёрлигини билдирди.
A.Boboev Европа мамлакатлари тажрибаси нафақат туризм, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳалари учун ҳам муҳимлигини таъкидлади. Жумладан, илм-фан, ахборот технологиялари ва саноат соҳасида Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари Бухорода ҳам бўлди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда, жумладан, Бухорода сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳаларни инновацион ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқотда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, ҳудудларни барқарор ривожлантиришда Европанинг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Бухоро вилоятида фармацевтика ва электротехника лойиҳаларини амалга оширишга европалик инвесторларни жалб этиш таклифи илгари сурилди.
Халқаро маслаҳат кенгаши мамлакатимиздаги туризм салоҳияти ва бу соҳадаги истиқболларни юқори баҳолашди. Иқтисодий салоҳиятни ривожлантиришда ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф доирасида Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари Бухоронинг тарихий-маданий ёдгорликлари билан яқиндан танишди. Жорий йил якунига қадар бу ерга 2,5 миллион нафар хорижий ва 3,5 миллион маҳаллий туристлар келиши айтиб ўтилди.
Меҳмонлар шаҳарнинг бой тарихи, бетакрор маданияти билан жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшгани, меъморий обидалар ва қадимий анъаналар асл ҳолида сақланганини эътироф этди. Полшанинг собиқ Президенти Александр Квасневский бухороликларнинг ҳунармандчилиги ва меҳмондўстлиги, бу ерда туризм ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади.
Шундан сўнг меҳмонлар Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов билан мулоқот чоғида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Хоразм вилоятининг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси 5 йил олдин 20 миллион доллар бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 4 баробар ошиб, 80 миллион долларга етган. Бугунги кунда Хоразмда хорижий инвесторлар иштирокида 200 тадан ортиқ корхоналар фаолият юритаётган бўлса, шундан 47 таси европалик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган.
Вилоятда янги туризм масканлари қурилаётгани, сайёҳлар сони ҳар йили кўпайиб бораётгани қайд этилиб, транспорт соҳасида қулайликларни ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, меҳмонларга ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Вилоят иқтисодиёти кўп тармоқли экани, автомобилсозлик, енгил саноат, туризм ва қишлоқ хўжалиги изчил ривожланаётгани айтилди. Тўқимачилик, фармацевтика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва туризм тармоқларидаги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Меҳмонлар “Ичан қалъа” ёдгорлиги ва “Арда Хива” туризм мажмуасида бўлиб, сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Сафар якунида Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари – Алфред Гузенбауэр, Александр Квасневский ва Штефан Фюле Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини Европа бозорида илгари суришга тайёрлигини билдирди. Хусусан, Европа мамлакатларида ўзбек ошхонасини танитиш, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиқатновларни кўпайтириш, қўшма маданий тадбирлар ўтказиш бўйича ҳамкорлик чора-тадбирлари белгиланди.