Европа парламентида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Европа парламентида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегациясининг Брюсселга ташрифи доирасида Европа парламентида “Ислоҳотлар ва ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Европа иттифоқи учун янги кун тартиби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Европа парламентининг Ўзбекистон бўйича доимий маърузачиси Илхан Кючюк, ЕИ депутатлари ва институтлари, таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Делегация аъзолари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини, жумладан, демократик ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида эришилган натижаларни намойиш қилди. Минтақавий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни ривожлантиришга қаратилган очиқ ҳамда прагматик ташқи сиёсатнинг устуворликлари ҳам қайд этилди.
Европалик экспертлар амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва Марказий Осиёнинг ЕИ учун аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. 2025 йил 24 октябрда Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши савдо-сотиқ, инвестициялар, транспорт, муҳим ресурслар ва инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришга, шу жумладан Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга, шунингдек, таълим, фан, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбати томонларнинг сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлигини тасдиқлади.