Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси “Яшил Дипломатия Ҳафталари” глобал ташаббуси доирасида Тошкент Ботаника боғида экологик кампаниясини ўтказди
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси “Яшил Дипломатия Ҳафталари” глобал ташаббуси доирасида Тошкент Ботаника боғида экологик кампаниясини ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 18 ноябрь куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент Ботаника боғида кенг кўламли тозалаш кампаниясини ўтказди. Ушбу тадбир Европа Иттифоқининг ҳар йили бўлоб ўтадиган глобал экологик ташаббуси — Яшил Дипломатия Ҳафталикларининг бир қисми ҳисобланади.
Ҳар йили сентябрь ойидан ноябрь ойининг охиригача Яшил Дипломатия Ҳафталари дунё бўйлаб Европа Иттифоқи делегациялари ва уларнинг ҳамкор мамлакатларини экологик дипломатияни тарғиб қилиш ҳамда глобал иқлим ва биологик хилма-хиллик муаммолари бўйича хабардорликни ошириш учун бирлаштиради. Ташаббус оммавий тадбирлар, яъни – оммавий-жамоатчилик ташаббуслари, семинарлар, кўргазмалар, тозалаш кампаниялари ҳамда ёшлар, мактаблар, университетлар талабалари учун тадбирлар, ёки нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳамжамиятлар ва бизнес вакиллари иштирокидаги давра суҳбатлари орқали амалга оширилади.
Ўзбекистонда жорий йилда ўтказилган Тошкент Ботаника боғидаги тозалаш акцияси Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, кўнгиллилар ва ёшларни, жумладан мактаб ўқувчилари ва университет талабалари диққатига сазовор бўлди. Тадбир Тошкент шаҳрида жойлашган ва ўзида 2 000 дан ортиқ ўсимлик турини жамлаган энг муҳим яшил ҳудудларидан бирини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташриф буюрувчилар ва кенг жамоатчилик орасида экологик масъулиятни тарғиб қилишга қаратилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар биримиздан - шаҳарларимиз аҳолиси ва меҳмонларидан бошланади ҳамда бу кундалик танловимиздир. Жамоатчилик жойларни тоза сақлаш - умумий масъулиятдир. Ҳукуматлар, институтлар ва ҳамжамиятларнинг қатъий ҳаракатлари муҳим бўлсада, ҳар бир инсоннинг ҳиссаси ҳам шунчалик аҳамиятлидир. Ушбу қўшма саъй-ҳаракат орқали Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш, биологик хилма-хилликни асраш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.
Европа Иттифоқи Делегацияси тозалаш акциясида иштирок этган барча ҳамкорлар ва қатнашчиларга миннатдорлик билдиради ҳамда жамоатчиликни шаҳардаги ҳордиқ чиқариш ва дам олиш масканларини тоза сақлашда ўз ҳиссасини қўшишга чорлайди.