Валюта курслари 18/06/2025
$1 – 12668.14
UZS – -0.37%
€1 – 14640.57
UZS – -0.61%
₽1 – 161.15
UZS – -0.37%
Қидириш
Ўзбекистон 26/05/2025 Европа Иттифоқи Ўзбекистонда гендер сезгир бюджетлаштиришни қўллаб-қувватлайди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда гендер сезгир бюджетлаштиришни қўллаб-қувватлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Гендерга йўналтирилган сиёсат ва бюджетларни илгари суриш: Ўзбекистонда шаффоф, инклюзив ва ҳисобдор бошқарув сари” лойиҳаси расман ишга туширилди. Мазкур янги лойиҳани Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича тузилмаси – БМТ Аёллар амалга оширади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан яқиндан ҳамкорликда олиб борилади ва мамлакатнинг гендер тенглигини таъминлаш борасидаги устувор йўналишларига жавоб бўлиб хизмат қилади. Янги лойиҳа гендер тенглигини бюджет қарорларини қабул қилиш ва миллий ривожланиш стратегияларининг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқиш учун институционал механизмларни яратиш орқали бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

“Ўз режалаштириш ва бюджетлаштириш жараёнларимизга гендер таҳлилини киритиш орқали биз янада самарали бошқарувни яратамиз – у турли ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёжларига жавоб беради ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмайди. Гендер сезгир бюджетлаштириш бизга янада шаффоф, инклюзив ва натижага йўналтирилган давлат молиясини таъминлашда ёрдам беради. Бу эса миллий тараққиёт мақсадларимизга эришиш учун ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа айниқса аёллар ва қизларнинг ҳаётини яхшилашда адолатлироқ бюджетлаштириш учун амалий ва ўзгаришга олиб келувчи восита бўлиб хизмат қилади,” – дейди Шоҳруҳ Ишанкулов, Давлат бюджети сиёсати департаменти директорининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги..

“Гендер сезгир бюджетлаштириш Ўзбекистон қизлари ва аёлларини янада кучли қилади. Шу боис, Европа Иттифоқи БМТ Аёллар билан ҳамкорликда Ўзбекистон молия тизими органларини гендер сезгир бюджетлаштириш амалиётини мунтазам миллий сиёсат ва бюджетлаштириш жараёнларига жорий этишда қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади. Бу ёндашув ресурсларни гендер тенгсизликларини бартараф этишга йўналтиришга ёрдам беради, аёллар ва қизлар ҳам давлат хизматлари, иқтисодий имкониятлар ва қарор қабул қилиш жараёнларига тенг кириш ҳуқуқига эга бўлишларини таъминлайди,” – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Жаноби Олийлари.

“Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича ўз мажбуриятларини бажариш йўлида муҳим қадам ташлади. Ушбу лойиҳа давлат ресурслари гендер тафовутларини бартараф этиш ва кўпинча четда қоладиган гуруҳларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлигини таъминлаш орқали ҳисобдорликни кучайтиради,” – дейди БМТ Аёлларънинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директор ўринбосари Элиза Фернандез Саэнс.

“Ўзбекистон ҳукумати, Европа Иттифоқи ва БМТ Аёллар ўртасидаги ушбу ҳамкорлик гендер сезгир бюджетлаштиришни амалга ошириш орқали давлат молиясини бошқариш ёндашувини тубдан ўзгартириш қудратига эга. Бу бутун мамлакат бўйлаб аёллар ва эркаклар учун янада самарали натижаларга олиб келади,” – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл.

Лойиҳа ҳақида маълумот:

Лойиҳа 2025 йил 26 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги тадбир давомида расман ишга туширилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, БМТ Аёлларънинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси, БМТ Аёлларънинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш йўлида муҳим ютуқларга эришди. Бунга 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенглиги стратегиясининг қабул қилиниши, парламентда Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитанинг ташкил этилиши ҳамда аёллар ҳуқуқларига оид қонунчиликда амалга оширилган ислоҳотлар мисол бўла олади. Гендер сезгир бюджетлаштириш лойиҳаси ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ҳамда гендер тенглигини бюджет қарорларини қабул қилиш ва миллий тараққиёт стратегияларининг ажралмас қисми сифатида мустаҳкамловчи институционал механизмларни яратишга хизмат қилади.

Ушбу ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг салоҳиятини кучайтириш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигини синов вазирлиги сифатида жалб қилиш орқали аёллар ҳаётини яхшилашга ва энг заиф гуруҳлар манфаатларини инобатга олган ҳолда гендер нуқтаи назарини миллий ҳамда маҳаллий даражадаги сиёсат, режалаштириш ва бюджетлаштириш жараёнларининг барча босқичларига тизимли ва барқарор тарзда интеграция қилишга қаратилган.

Мазкур жараён 2024 йил октябрь ойида БМТ Аёллар томонидан ажратилган бошланғич маблағ ёрдамида старт олди. Ушбу дастлабки босқичда турли вазирликларнинг 30 нафар давлат хизматчисининг гендер сезгир бюджетлаштириш бўйича тушунчасини ошириш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича салоҳияти кучайтирилди.

Кейинги икки йил давомида лойиҳа Ўзбекистоннинг Давлат молиявий бошқаруви (ПФМ) [1]ислоҳотлари ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан 5-мақсад ва 5.c.1-vazifasi билан мувофиқ ҳолда гендер сезгир бюджетлаштиришни амалга ошириш бўйича миллий ва маҳаллий даражадаги имкониятларни мустаҳкамлашни кўзда тутади. Шу орқали лойиҳа мамлакатдаги гендер тенгликни таъминловчи механизмларни мустаҳкамлаш, инклюзив ва шаффоф бошқарувни илгари суриш орқали аёлларнинг ер ва мулк эгаси бўлишдаги чекловлари, юқори даражадаги қашшоқлик ва иқтисодиётнинг юқори қийматли соҳаларида уларнинг кам иштирок этиш каби чуқур илдиз отган тизимли тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон ўз олдига қашшоқликни ярмига камайтириш ва ялпи ички маҳсулотни икки бараварга ошириш каби катта мақсадларни қўйган бир пайтда, гендер сезгир бюджетлаштириш лойиҳаси аёллар ва қизлар учун миллий ҳамда маҳаллий бюджетларни энг самарали йўналтиришда кучли восита бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, у самарали мониторинг механизмларини ҳам таклиф этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг