Euronews нашри Silk Road Samarkand мажмуасининг мамлакат туризм соҳасига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нуфузли Euronews нашрида Марказий Осиёнинг энг истиқболли лойиҳаларидан бири – Самарқанд шаҳрида жойлашган Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасига бағишланган мақола чоп этилди. Нашрда “шаҳар ичида шаҳар" концепцияси батафсил ёритилган бўлиб, у меҳмонларга маданиятга тўлиқ шўнғиш, соғломлаштириш ва жаҳон даражасидаги тадбирларни ўтказиш имкониятларини тақдим этади.
“Шаҳар ичидаги шаҳар: Ўзбекистоннинг энг йирик сайёҳлик лойиҳаси” сарлавҳали мақолада ҳунармандчилик устахоналари, анъанавий таомлари ва қайта тикланган афсоналари бўлган Буюк Ипак йўлидаги қадимий шаҳарлар муҳитини қайта тикловчи “Боқий Шаҳар” этно-боғига алоҳида эътибор қаратилган.
Материалда, шунингдек, мажмуанинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки йиғилиши ва БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси каби йирик халқаро тадбирларни ўтказган муҳим ишбилармонлик ва тадбирлар майдони сифатидаги роли таъкидланган. Лойиҳанинг экологик ва соғломлаштириш жиҳатлари алоҳида таъкидланган бўлиб, улар Самарқандни жаҳон тиббиёт ва барқарор туризм харитасига олиб чиқади.
Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази бош директори Зафар Бўтаев лойиҳанинг муваффақияти ҳақида тўхталар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
“Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, маҳаллий ва хорижий экспертлар Silk Road Samarkand мажмуасининг Ўзбекистон ва ҳатто бутун Марказий Осиё минтақасининг сайёҳлик салоҳиятини янгилаш ва ривожлантириш учун муҳимлигини бир неча бор таъкидлаганлар. Мамлакат Президенти ташаббуси билан ташкил этилган бундай мажмуа ва ҳудудда меҳнат қилаётган бутун жамоамизнинг мақсади – хорижий меҳмонлар ва Ўзбекистон фуқаролари учун максимал даражада очиқлик ва жозибадорликка эришиш”.
Euronewsда эълон қилинган материал Ўзбекистонга энг истиқболли сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида халқаро қизиқиш ортиб бораётганини тасдиқлайди. Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси кенгайишда давом этиб, у қадимий Самарқанднинг бой тарихида янги саҳифа очмоқда.