Етти нафар ўзбекистонлик боксчи жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига йўл олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари Ливерпулда ўтказилаётган жаҳон чемпионатидаги навбатдаги жангларини муваффақиятли ўтказиб, қатор ишончли ғалабаларни қўлга киритишди.
-54 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Нигина Ўктамова венгриялик Анна Лакотарни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб чорак финалга йўл олди. Энди у, 10 сентябрда ярим финал учун рингга кўтарилади.
Шавкатжон Болтаев ҳам чорак финалда. Боксчимиз қийин кечган баҳсда, испаниялик Бернад Мартинезни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Боксчимиз Тўрабек Хабибуллаев -90 кг вазнда Греция вакили Вагкан Нанитзанианни қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. 5:0. Кейинги баҳс чорак финалда қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбайга қарши бўлиб ўтади.
Навбаҳор Ҳамидова -65 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, белгиялик Вагкан Нанитзаниандан 4:1 ҳисобида устун келди.
Абдумалик Халоков -60 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, италиялик Жиусеппе Каноникони қийинчиликсиз мағлуб этди. Чемпион ўз услубида давом этмоқда.
-75 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Фазлиддин Эркинбоев туркиялик Султан Османлини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Яна бир чорак финал нақд қилинди.
Куннинг сўнгги баҳсида, Жаҳонгир Зокиров +90 кг вазнда германиялик Никита Путиловни 5:0 ҳисобида= мағлубиятга учратди.