Эрон осмонидаги вазият сабаб Тошкент, Фарғона ва Самарқандга рейслар бекор қилинди ва орқага қайтарилди
Эрон осмонидаги вазият сабаб Тошкент, Фарғона ва Самарқандга рейслар бекор қилинди ва орқага қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Эрон ҳаво макони ёпилгани муносабати билан қатор халқаро авиарейслар ўз йўналишини ўзгартиришга ва учиб чиққан аэропортларига қайтишга мажбур бўлди.
Хусусан, Fly One Asia авиакомпаниясининг Мадина—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланган 7Q7742 рейси Мадина аэропортига қайтди. Шунингдек, ушбу авиакомпаниянинг Мадина—Фарғона йўналиши бўйича амалга оширилаётган 7Q4442 рейси бўйича ҳам шундай қарор қабул қилиниб, ҳаво кемаси Мадинага орқага қайтган.
Jazeera Airways авиакомпаниясининг Тошкент—Қувайт йўналишидаги J9650 рейси маҳаллий вақт билан соат 02:01 да Тошкентдан учиб чиққанидан сўнг ҳавода орқага бурилиб, пойтахт аэропортига қайтарилган.
Sam Air авиакомпаниясининг Самарқанд—Жидда йўналиши бўйича 9S3303 рейсини амалга оширган самолёт маҳаллий вақт билан 02:04 да Самарқанддан учиб чиққанидан кейин жўнаш аэропортига қайтган. Худди шу сабабга кўра, Fly Khiva авиакомпаниясининг Урганч—Мадина йўналиши бўйича 02:17 да учиб чиққан 2U7911 рейси ҳам Урганч аэропортига қайтишга мажбур бўлган.
Бундан ташқари, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Жидда—Тошкент йўналишидаги HY336 рейси Эрон ҳаво макони ёпилгани сабабли Жидда аэропортига қайтарилган.
Авиакомпаниялар ва тегишли хизматлар вазиятни кузатишни давом эттирмоқда ва жадвалдаги кейинги ўзгаришлар ҳақида йўловчиларни хабардор қилмоқда.