Эрон элчиси: «Трампнинг “Титаниги” тўхтатилади»
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги Эрон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммадали Искандарий Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар юзасидан кескин ва ошкора баёнот билан чиқди. Унда Исроилнинг ҳаракатлари давлат агрессияси ва терроризми сифатида таърифланди.
«Сионистик режим мустақил давлат — Эрон Ислом Республикасига қарши янги тажовуз тўлқинини бошлади. Бу террор амаллари Эрон олимлари ва ҳарбий қўмондонларини йўқ қилишга қаратилган давлат терроризми шаклида намоён бўлди. Бу мажбурланган уруш айнан Эронга нисбатан музокаралар олиб борилаётган пайтда бошланди», — деди элчи.
Элчининг таъкидлашича, бу ҳужум БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкциясиз амалга оширилган, ҳолбуки мазкур тузилма халқаро тинчликни таъминлашга масъул. Ҳеч қандай тўғридан-тўғри таҳдид мавжуд эмасди ва куч ишлатиш асосланмаган. Агрессия учун жавобгарлик ҳам юкланмади. «Бундай хавфли тенденция дунё давлатларига бир томонлама ҳаракат қилишга “яшил чироқ” ёқиб беради», — деди элчи.
Унинг таъкидлашича, халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) роли ҳам жиддий хавотир уйғотмоқда. Элчи агентлик раҳбарини хиёнатда айблаб, ташкилотни ҳужумлар учун воситага айлантирганини билдирди: «Тарихда илк бор ХАЭА назорати остида бўлган тинч объект ҳужумга учради, лекин ҳанузгача буга нисбатан бирорта ҳам маҳкумлов баёноти чиқмади».
Искандарий таъкидлашича, ҳужум қилган давлат агентлик аъзоси эмас, ядровий қуролга эга ва бирорта ҳам ядровий, кимёвий ёки биологик қуролларни чеклаш бўйича халқаро конвенцияни имзоламаган. Шу билан бирга, АҚШдан очиқ қўллаб-қувватлаш олмоқда.
У собиқ АҚШ президенти Дональд Трампни кескин танқид қилди ва унинг сиёсатини «халқаро тартибни йўқ қилишга қаратилган сиёсат» деб атади. «У 13 миллионлик Теҳрон аҳолиси шаҳарни тарк этишини талаб қилмоқда. Ушбу миллионлаб одамлар — турли мусулмон мамлакатлардан келиб, АҚШ агрессиясидан қочиб, Теҳронда бошпана топган фуқаролардир», — деди элчи.
Унинг сўзларига кўра, Трампнинг сўзларига энди бирор миллат, ҳатто америкаликларнинг ўзи ҳам ишонмайди.
Элчи АҚШ ва Исроилнинг глобал ҳукмронликка интилишини танқид қилиб, уларнинг ҳаракатларини «Нилдан Евфратгача» доктринаси амалга ошиши деб баҳолади. У буни «замонавий қуроллар ва халқаро институтлар ниқоби остида дунёга мажбурий тарзда тиқиштирилаётган янги варварлик шакли» деб атади.
«Сионистик режимнинг ҳақиқий тажовузкор табиати ҳеч кимга сир эмас — буни Ғазо, Ливан, Яман ва энди Эрондаги инсониятга қарши жиноятлар кўрсатмоқда», — деди элчи. Унга кўра, Ғарб пропагандаси қанчалик кучли бўлмасин, ҳақиқатни яшира олмайди.
Элчи халқаро ҳамжамиятни агрессия актларини зудлик билан ва қатъий равишда маҳкум этишга чақирди. «Бундай жиноятлар олдида сукут қилиш — бу ҳамжиноятчилик ва тажовузкорни рағбатлантиришдир… Ҳақиқат ва адолат тарафини олиш — бу нафақат мумкин, балки қонунийдир», — деди у.
Шунингдек, Искандарий эрон халқи музокараларга музокара билан, урушга эса уруш билан жавоб қайтарганини таъкидлади. «Уларнинг қуроли — “Аллоҳу Акбар”, илм ва тамаддун билан бирга, уларни қўллаб-қувватлайди», — деди у.
Элчи баёнотини тарихий ўхшатиш билан якунлади:«Фиръавн қанчалик кучли бўлмасин, нур ва адолатга қарши курашда охир-оқибат енгилди… Шунингдек, Трампнинг “Титаниги” ҳам, қанчалик қудратли ва дабдабали кўринмасин, тўхтатилади. Иншааллоҳ», — дея хулоса қилди Муҳаммадали Искандарий.