Эрон делегацияси Чирчиқ кимё саноати технопаркига ташриф буюрди
Эрон делегацияси Чирчиқ кимё саноати технопаркига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Чирчиқ» технопаркига «Mozandaron» эркин иқтисодий зонаси (Mazandaran Free Zone) бош директори ва директорлар кенгаши раиси Амин Офоғи, эронлик тадбиркорлар, шунингдек, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларидан иборат Эрон делегацияси амалий ташриф билан келди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад махсус иқтисодий зоналарни бошқариш ва ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, икки томонлама саноат ва инвестициявий ҳамкорлик учун аниқ имкониятларни ўрганишдан иборат бўлди.
Технопарк раҳбарияти ва мутахассислари меҳмонлар учун тақдимот ўтказиб, уларни саноат майдонининг афзалликлари, солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялари билан таништирди.
Ташриф давомида делегация аъзолари технопарк ҳудудида жойлашган мавжуд корхоналарда бўлиб, бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар ва саноатнинг ривожланиш даражасини билан танишди.
Бундай амалий учрашувлар халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади ва инвестицияларни жалб қилиш учун янги истиқболларни очади.