Ер майдонини 9 млн АҚШ долларига сотмоқчи бўлганларнинг ноқонуний ҳаракати фош этилди
Ер майдонини 9 млн АҚШ долларига сотмоқчи бўлганларнинг ноқонуний ҳаракати фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида қиймати 9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ер майдонини ноқонуний сотишга уринишнинг олди олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, пойтахтда истиқомат қилувчи, 1953 йилда туғилган, илгари бир неча бор судланган аёл 1982 йилда туғилган таниши билан биргаликда харидорга Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган, қонунийлаштирилмаган икки гектар ер участкасини сотишга уринган.
Ушбу ер майдони тадбиркорлик субъектига тегишли бўлган, бироқ уни сотишга қонунан тақиқ қўйилган эди.
Сотувнинг қонунийлигини яратиш учун жиноятчилар мансабдор танишлари орқали барча ҳужжатларни тайёрлаб, турар жой тоифасига ўтказиб бериш эвазига олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.