Енгил саноат: Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигининг янги йўналишлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида “Ўзбекистон – Беларусь: ҳамкорлик барқарор ривожланиш омили сифатида” мавзусига бағишланган Ўзбекистон-Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми ўтказилмоқда.
Форум иштирокчилари турли секцияларга бўлинган ҳолда, икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Жумладан “Енгил саноат: Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигининг янги йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган секцияда икки мамлакат парламентларининг аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда тўқимачилик, чарм-пойабзал ва дизайн соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбир давомида тадбиркор аёллар енгил саноатни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида тажриба алмашди.
Шунингдек, икки давлат ўртасида илмий тадқиқотлар, таълим, дизайн ва бозор талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.