Электротехника саноати корхоналарига MES тизимини жорий қилиш ўрганилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 июнь куни «Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъуллари ва уюшмага аъзо электротехника саноати корхоналари вакиллари Туркия Республикасига хизмат сафари доирасида “Trex Digital Manufacturing” компаниясида бўлишди.
Ташрифдан асосий мақсад — саноат соҳасида жорий этилаётган рақамлаштириш ечимлари, хусусан, MES (Manufacturing Execution System) тизимининг ишлаб чиқаришдаги реал амалиётини ўрганиш ҳамда ушбу технологияларни Ўзбекистон саноатига жорий этиш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида:
MES тизимининг ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида бошқаришдаги роли;
Маҳсулот сифати назоратини рақамлаштириш;
Операцион харажатларни камайтириш ва таннархни оптималлаштириш механизмлари;
Жараён шаффофлиги функциялари бўйича тажрибалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар ўртасида Ўзбекистон электротехника саноати корхоналарида МES тизимини жорий этиш бўйича техник ва иқтисодий ҳамкорлик йўналишлари юзасидан дастлабки келишувлар муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги ПҚ-20-сонли қарорида белгиланган саноатни рақамлаштиришга оид устувор вазифаларни амалга ошириш йўлидаги амалий қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
«Ўзелтехсаноат» уюшмаси томонидан электротехника соҳасида илғор рақамли технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.