Валюта курслари 30/04/2025
$1 – 12933.16
UZS – -0.12%
€1 – 14719.23
UZS – 0.16%
₽1 – 158.28
UZS – 0.86%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2025 Электрон сигареталар муомаласи тақиқланмоқда

Электрон сигареталар муомаласи тақиқланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли ўртасида, айниқса болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.

Шу муносабат билан, тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, шу жумладан электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакатимиз ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилганлиги билан, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

Сенаторлар томонидан Қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг